Украина президенти Владимир Зеленский 3 март куни кечки нутқида Украина ва Польша чегарасидаги вазият ахлоқ доирасидан чиқиб кетганини айтиб, полшалик намойишчиларни айблади. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Ниҳоят, Польша чегарасидаги узоқ вақтдан бери ҳам иқтисод, ҳам ахлоқ чегарасидан чиқиб кетган вазиятга ечим топишимиз керак, — деди Украина раҳбари.
Зеленский, шунингдек, Польшадаги ички сиёсий курашда икки давлат ўртасидаги зиддиятдан фойдаланишни қоралаган. Польша деҳқонлари Украина билан чегарадаги йўллар ва назорат-ўтказиш пунктларига кириш йўлларини тўсиб, шунингдек, юк ва темирйўл вагонларидан ғалла тўкиб, бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойиши ўтказмоқда.
Икки давлат ўртасидаги муносабатлар Украина ғалласига қўйилган эмбарго туфайли сезиларли даражада мураккаблашган. 2023 йил 15 сентябрда Еврокомиссия Украинанинг тўрт турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ЕИнинг бир неча чегарадош мамлакатларига олиб киришга чекловларни узайтирмасликка қарор қилган, бироқ Киевни экспорт назорати чораларини жорий этишга мажбур қилган. Шундан сўнг Словакия, Венгрия ва Польша ҳукуматлари тақиқни бир томонлама узайтиришларини эълон қилган. Бу масала устидан Украинанинг ЖСТга шикоятига жавобан ЕИнинг учта давлати Украина буғдойи бўйича мувофиқлаштириш платформаси йиғилишига бойкот эълон қилган эди.
Изоҳ (0)