“Наманган” ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан қоидабузар ҳайдовчига чора кўрилди. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 1 март куни ЙПХ ходимлари томонидан Mercedes-Benz русумли автомобиль тўхтатилиб текширилганда, ҳайдовчи транспорт воситасининг давлат рақам белгисини тўғри аниқланишига халақит берувчи қоплама суртиб олгани маълум бўлган.
Ҳайдовчига нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, транспорт воситасида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини кўринишини чеклайдиган, тўғри аниқланишига халақит берадиган ҳар-хил буюмлар ўрнатилган ва қопламалар билан қопланган бўлса бундай транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддаси иккинчи қисмига кўра, транспорт воситасига давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил августда Андижонда давлат рақамини ечиб ҳаракатланган Mercedes-Benz ҳайдовчисига чора кўрилганди.
Изоҳ (0)