Ижтимоий тармоқда PАА 267 давлат рақам белгисини автомобиль салонида номаълум шахс (йўловчи) қўлида ушлаган ҳолда ҳаракатлангани акс этган видео жойлаштирилган. Бу ҳақда “Ревизор” хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ушбу давлат рақам белгиси Андижон вилояти ҳокимига хизмат қилувчи Prado русумли транспорт воситасига тегишли.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 5-қисмига кўра, давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш БҲМнинг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳолат юзасидан Андижон вилояти ҳокими матбуот котиби Муслимбек Иброҳимов “Дарё”га изоҳ берди. Унда айтилишича, лавҳа олдинги йилларда тасвирга олинган.
Раҳбарият вакили машинада бўлган тақдирда, бу каби ҳолатларга йўл қўйилмаслигини барча бирдек тушуна олади. Бу каби ҳолат бирор ходимнинг иш вазифасига нисбатан масъулиятсиз қарашидан юзага келиши мумкин.
Шу ҳолатдан келиб чиққан ҳолда ўша вақтнинг ўзида ходимларга тегишли тартибда огоҳлантириш берилган ва бундай ҳолатларга йўл қўйган бир нафар ходим вазифасидан озод қилинган, — дейилади ҳокимлик ахборотида.
Изоҳ (0)