“Росатом” Қирғизистон, Ўзбекистон, Мьянма ва Шарқий Осиёнинг орол давлатлари билан кичик атом электр станциялари (АЭС) қуриш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда “Росатом” бош директори Алексей Лихачёвга таяниб, “ТАСС” хабар берди.
“Талаб жуда юқори ва бизнинг таҳлилчиларимиз яқин 10-15 йил ичида сайёрада 30-40 гигаватгача кам қувватли АЭСлар қурилишини айтмоқда”, — деди Лихачёв.
У ҳозирда Россия компаниялари, жумладан, “Норникел”, “Газпромнефть”, “Лукойл” ва “Русская платина” компаниялари билан кичик АЭС лойиҳалари бўйича музокаралар олиб борилаётганини эслатиб ўтди.
“Бир қатор давлатлар бизнинг ҳамкорларимиз ва мижозларимиз. Айримлари билан ҳукуматлараро битимлар тузилган, шартномалар бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бошқалари билан эса техник кўриниш ва иқтисодий модел даражасида ишлаяпмиз. Ўзбекистон, Қирғизистон, Мьянма ва Жануби-Шарқий Осиёдаги қатор орол давлатлари билан музокаралар олиб бормоқдамиз”, — дейди у.
Изоҳ (0)