“Толибон” ҳукумати Ҳайратон—Мозори Шариф—Ўзбекистон темирйўли лойиҳасини тиклаш бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда Avapress хабар берди.
“Толибон” вакиллари иштирокида 6 миллион 300 минг долларлик ўзбек компанияси томонидан Ҳайратон—Мозори Шариф темирйўлини таъмирлаш ишлари бошланди. “Толибон” темирйўл қўшни давлатлар манфаати йўлида таъмирланаётганини маълум қилди.
“Афсуски, Афғонистон режими даврида баъзи кишиларнинг нодонлиги туфайли Ҳайратон—Мозори Шариф темирйўли вайрон бўлган ва талон-торож қилинган, шу боис бугун биз ушбу темирйўлни ҳозирги ҳукумат маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ишларининг очилишига гувоҳ бўламиз”, — дейди Афғонистон темирйўли расмийси Сейид Муҳаммад Наим Муҳаммадий.
У бутун Афғонистон бўйлаб хавфсизликни таъминлаш ҳақида гапириб, Афғонистонни қайта қуриш ва тараққиёт йўлида ишлаш вақти келганини айтди.
“Толибон” темирйўли мутасаддилари ўзбек ширкати вакилларини хавфсизлик ва молиявий хавфсизликни таъминлашга ишонтириб, Ҳайратон—Мозори Шариф темирйўли лойиҳасида ишлаётган ўзбекистонлик ишчилар учун ҳеч қандай хавф йўқлигини айтди.
Ҳайратон—Мозори Шариф темирйўлининг фаоллашиши савдогарлар ва юк ташиш жараёни учун фойдали ва самарали экани айтилмоқда. Унинг узунлиги қарийб 75 километрни ташкил этади ва лойиҳа икки ойдан камроқ вақт ичида якунланиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)