Тошкент шаҳрида 14,2 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамда ДХХ ходимлари томонидан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида Мирзо Улуғбек ва Қибрай туманлари газ таъминоти бўлими масъул шахслари ҳудуддаги газ қувурларига уланиш аҳволини ўз вақтида кўздан кечириб, ўрганиш ишларини олиб бормагани оқибатида “М.О.” МЧЖ раҳбари О.Х. ва бошқалар томонидан “Дўстлик” МФЙ ҳудудидаги ер ости юқори босимли газ қувурига яширинча улангани аниқланган.
МЧЖ иссиқхонасида табиий газдан яширинча фойдаланиб, давлат ва жамият манфаатларига 14,2 миллиард сўм зарар етказган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда ноқонуний олтин қазувчилар 753 млн сўмлик электр энергиясини ўғирлагани маълум бўлгани, Асакада электр тармоқлари муҳандиси 13 млн сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)