Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани ва Фарғона вилояти Марғилон шаҳарларида табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Пахтачи туман бўлими томонидан газ таъминоти бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “Бўстон” МФЙ ҳудудидаги хонадонда яшовчи У.О. ўз уйида ташкил этган иссиқхонани ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, жами 148,1 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Марғилон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “М.П.” МЧЖ раҳбари М.П. (муқаддам судланган) “Пичоқчи” МФЙ ҳудудидаги паррандачилик биносини ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, жами 140 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)