Президент Шавкат Мирзиёев “Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қарорга кўра, Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини мамлакатда кенг нишонланади.
Махтумқули Фироғийнинг “Танланган асарлар”и ҳамда унинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган илмий мақолалар тўплами нашрга тайёрланади ва чоп этилади. Шунингдек, давлат буюртмаси асосида Ўзбекистон ва Туркманистон кино усталари ҳамкорлигида Махтумқули Фироғийга бағишланган бадиий фильм яратилади.
Бундан ташқари, шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида спектакл саҳналаштирилади. Ёш хонандалар ўртасида “Махтумқули шеърлари билан айтиладиган энг яхши қўшиқлар ижрочиси” республика танлови ўтказилади. Бадиий академиянинг марказий кўргазмалар залида ўзбек ва туркман халқларининг дўстлик ва қардошлик алоқаларини тараннум этувчи тасвирий санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилади.
Шу билан бирга, “Махтумқули ижодининг ўзбек адабиёти ва санъатида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилади. Мамлакатдаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим ташкилотлари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этилади.
2024 йил октябрь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Махтумқули Фироғий хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказилади.
Изоҳ (0)