14 февраль куни Россия Федерациясининг Вильнюсдаги элчихонаси вакили Литва Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга дипломатик норозилик нотаси топширилди. Нотада рус ҳукумати томонидан литвалик сиёсатчилар, давлат хизматчилари ва бошқа шахсларга нисбатан ўз мажбуриятлари доирасида қабул қилган қарорлари учун эълон қилинган жиноий иш доирасидаги қидирув кескин қораланган. Бу ҳақда Delfi нашри хабар берди.
Болтиқбўйи мамлакатларидаги қидирувга берилган сиёсатчилар ҳақидаги хабарлар жамоатчиликка тарқала бошлагач, Россия Федерацияси расмийлари совет аскарлари ёдгорликларини бузиб ташлашга масъул бўлган Литва ва бир қанча хорижий мамлакатлар фуқаролари Россияда қидирувдаги шахслар рўйхатига киритилганини расман тасдиқлади. Москвадаги ҳукуматнинг бу қарори 13 февраль куни имзолангани айтилган.
Литва Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерациясининг қарорлари халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёрларига зид экани, Литванинг тарихий хотирасига ҳурматсизлик намойиш этганини таъкидлади. Литва Ташқи ишлар вазирлиги Литва фуқароларига нисбатан сиёсий сабабларга кўра таъқибларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилган.
Россия қидирувга берган шахслар орасида Литва маданият вазири Симонас Кайрис ҳам бор. Бундан ташқари, Эстония бош вазири Кажа Каллас, давлат котиби Таимар Петеркоп ва Шарқий Европа мамлакатларидаги 100 га яқин сиёсатчи ва амалдорлар ҳам “қора рўйхат”га киритилган.
Изоҳ (0)