Навоий вилоятида электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Навоий шаҳар бўлими томонидан ИИБ, “Ўзэнергоинспекция” ва “Ҳудудгаз Навоий” ГТФ ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда “Н-C.” МЧЖ раҳбари Ф.А. Кармана тумани “Янгиариқ” МФЙ ҳудудида жойлашган нотурар жой объектида қум таркибидан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш фаолияти билан шуғулланиб келиб, ушбу нотурар бинони ҳамда табиий газни кучайтириб берувчи электр насосни тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр энергияси ва газ тармоқларига улаб, жами 478,5 миллион сўмлик табиий ресурсларни ўғирлагани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда ноқонуний олтин қазувчилар 753 миллион сўмлик электр энергиясини ўғирлагани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)