Ўзбекистонда сўнгги икки ҳафта ичида пиёзнинг улгуржи нархларида бир оз ўсиш тенденцияси кузатилди. Бу ҳақда EastFruit таҳлилчилари хабар берди.
Хусусан, 2024 йил январь ойи ўрталаридан бошлаб пиёз нархи 28 фоизга ёки килограмм учун 4 АҚШ сентига ошган. Шунга қарамай Ўзбекистонда пиёз нархи ўтган йилгидан роппа-роса тўрт баравар арзон, шунингдек, ўрим-йиғим давридагидан ҳам пастроқ. Шунинг учун пиёзнинг ҳозирги нархи улгуржи сотувчига пул ишлашга имкон бермайди.
Бозор иштирокчиларининг фикрича, сўнгги ҳафталарда пиёз нархининг ошишига Европа Иттифоқига маҳсулот экспорти ҳажмининг ошиши сабаб бўлмоқда. Польшада улгуржи бозорларда Ўзбекистондан кўплаб пиёз сотилмоқда, бу эса ушбу мамлакатда ички нархларни ушлаб туришга ёрдам беради.
Қайд этилишича, Польша ва Ўзбекистон бозори ўртасидаги улгуржи пиёз нархидаги фарқ ҳозирда маҳсулотни экспорт қилиш харажатларини қоплаш учун етарли даражада эмас. Аммо бозор иштирокчиларининг айтишича, маҳсулотларни ташиш учун давлат субсидиялари бу муаммони ҳал қилишга ёрдам беради.
Бундан ташқари, Польшадаги савдо манбаларининг хабар беришича, Беларусь воситачилари пиёз савдосида фаол иштирок этиб, Ўзбекистон ва Тожикистондан пиёз сотиб олиб, уларни Польшага жуда жозибадор нархда сотмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг январь—ноябрь ойларида Ўзбекистон 12 та хорижий давлатдан қиймати 11,4 миллион долларга тенг бўлган мандарин импорт қилган. Энг кўп мандарин импорт қилинган давлатлар рўйхатида Покистон биринчи, Туркия иккинчи ўринда — 3,6 минг тонна. Мамлакатдан ноябрда 500 тонна мандарин олиб келинган.
Изоҳ (0)