Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида газдан ноқонуний фойдаланганлар давлатга 550 миллион сўмдан зиёд зарар етказди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Гулистон, Сайхунобод тумани ҳамда Гулистон шаҳар бўлимлари томонидан “Ўзэнергоинспекция” ва ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда “Э.О.” хусусий корхонаси, “М.С.”, “С.У.” МЧЖ масъул шахслари умумий овқатланиш шохобчаси ва савдо дўконини ҳеч қандай ҳужжатсиз ўғрилик йўли билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улагани аниқланган. Улар электр трансформаторига ўрнатилган электр энергиясини ҳисоблаш приборига қасддан ташқи таъсир ўтказиб, жами 335,6 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Шу каби департаментнинг Бўстонлиқ ва Бекобод тумани бўлимлари томонидан ИИБ ва ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда фуқаролар Ж.А., Ш.У. яшаш хонадонларидаги иссиқхона, чилангарлик устахонаси ва дала ҳовлини ҳеч қандай ҳужжатсиз ўғрилик йўли билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, жами 166 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Департаментнинг Мирзаобод туман бўлими томонидан туман “Ўзэнергоинспекция” Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда эса, “Т.Г.” МЧЖ масъул шахслари анор шарбати ишлаб чиқариш корхонасини тижорат мақсадида ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, жами 167,2 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани маълум бўлган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)