Тошкент шаҳрида 7 та “Hotdogger” номли кўчма савдо шохобчаси электр тармоқларига ноқонуний улангани фош этилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан терговга қадар текширувлар ўтказилган. Текширувлар давомида “L.S.G.” МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар пойтахтнинг Миробод, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Яккасарой ва Яшнобод туманларининг аҳоли гавжум ҳудудларида 7 та “Hotdogger” номли кўчма савдо шохобчаларини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида улаб, жами 1,1 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда ноқонуний олтин қазувчилар 753 млн сўмлик электр энергиясини ўғирлагани маълум бўлгани, Асакада электр тармоқлари муҳандиси 13 млн сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқлангани тўғрисида хабар берилганди.