Сурхондарёнинг Шеробод туманида қурилаётган қуёш электр станциясидаги панелларга кучли шамол туфайли зарар етгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ҳолатга туман ҳокимлиги муносабат билдирди.
Унда айтилишича, 30 январь куни тарқалган видеодаги ҳолат 28 январь куни содир бўлган. Қурилиш жараёнида ҳали тўлиқ ўрнатилмаган 91 дона қуёш панеллари шамол туфайли ерга тушиб кетган. Ҳозирда ушбу қуёш панелларининг техник ҳолати ўрганилмоқда.
Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, лойиҳа доирасида 1 миллионга яқин қуёш панеллари ўрнатилиши кўзда тутилган. Қурилиш жараёнига икки мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли жалб қилинган.
Қурилиш жараёнида қуёш панелларининг яроқсиз ҳолатга келиши мумкинлиги эътиборга олинган бўлиб, қўшимча қуёш панеллари захира сифатида олиб келинган.
Мазкур лойиҳа БААнинг Masdar компанияси томонидан 100 фоиз хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилмоқда ва унга Ўзбекистон томонидан ҳеч қандай маблағ ажратилмаган.
Изоҳ (0)