Европа ва халқаро молия институтлари Марказий Осиё минтақасида барқарор транспорт алоқасини қўллаб-қувватлаш ва инвестиция киритишга 10 миллиард евро ажратади. Бу ҳақда Еврокомиссия матбуот хизмати хабар берди.
29 январь куни Брюсселда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт алоқаларига бағишланган Global Gateway инвесторлар форуми очилди. Хусусан, томонлар саёҳат вақтини 15 кунгача қисқартириш мақсадида Транскаспий транспорт йўлагини трансформация қилишга келишди.
Европа комиссиясининг қайд этишича, Украинада уруш бошланганидан кейин Европа ва Марказий Осиё ўртасида Россия ҳудуди орқали транзит ўтмайдиган муқобил йўлларни излаш зарурати юзага келган.
Ўзбекистон ва Европа инвестиция банки ўртасида 500 миллион евролик англашув меморандуми имзоланган. Умуман, ЕИБ Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон билан 1,47 миллиард евролик келишув имзолаган. Мазкур кредитлар Европа Комиссияси томонидан тақдим этилган кафолатлар орқали амалга оширилади.
Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки Қозоғистон билан ўзаро англашув меморандумини имзолади ва у Марказий Осиёда умумий транспорт алоқасини ривожлантиришга тайёргарлик кўраётган лойиҳалар учун 1,5 миллиард евро ажратади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан 17 та лойиҳа доирасида умумий қиймати 2,3 миллиард долларлик қарз битимлари имзоланганди. Декабрь бошида эса Жаҳон банки Ўзбекистонда рақамли инклюзивлик лойиҳаси учун 50 миллион доллар кредит ажратиши маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)