Қашқадарё вилоятида дарахт кесган ҳоким ёрдамчиси 12,7 миллион сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги ахборот хизмати маълумот берди.
Хабарга кўра, Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси Яккабоғ туман бўлими инспекторлари томонидан навбатдаги назорат рейд тадбири олиб борилди. Рейд давомида Яккабоғ тумани “Тўқбой” МФЙ ҳудудида ҳоким ёрдамчиси П.Р. томонидан 20 та наъматак бутаси ва 5 та олча дарахти ноқонуний кесилгани аниқланди.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Дарахтлар кесилиши натижасида табиатга 9 миллион 350 минг сўм зарар етказилгани аниқланди. Шунингдек, П.Р. 3 миллион 400 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.
Қайд этилишича, ҳуқуқбузар қилмиши учун жами 12 миллион 750 минг сўм миқдорида товон тўлайдиган бўлди.
Изоҳ (0)