Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги АЁҚШда сифатсиз автобензин ёнилғиси сотилгани аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Мирзаобод тумани бўлими томонидан “Ўзэнергоинспекция” Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармасининг “ И.П.” МЧЖга қарашли АЁҚШда ўтказилган текширувда аниқланган. Ушбу АЁҚШда 10 730 литр Аи-92 маркали автобензиннинг октан сони бўйича сифат кўрсаткичи давлат стандарти параметрларига мос келмаслиги, шунингдек, МЧЖ томонидан мижозларга сифатсиз ёнилғи сотилгани натижасида 12 нафар фуқаронинг автотранспорт воситасига 103,2 миллион сўм моддий зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)