АҚШ Давлат департаменти Туркияга F-16 қирувчи самолётлари, модернизация тўпламлари ва бошқа тизимларни умумий қиймати 23 миллиард долларга сотишни маъқуллади, деб хабар бермоқда Пентагон хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик агентлиги.
Туркия АҚШдан 40 та янги F-16 самолёти, 79 та мавжуд қирувчи самолёт, эҳтиёт қисмлар, навигация тизимлари, ер терминаллари ва бошқа қўшимча жиҳозларни сўраган. Давлат департаменти, шунингдек, Грецияга 40 та F-35 қирувчи самолёти ва тегишли жиҳозларни 8,6 миллиард долларга сотишни маъқуллади.
АҚШ маъмурияти аллақачон Конгрессни бу қарор ҳақида хабардор қилган. Қонун чиқарувчи органнинг ихтиёрида потенциал битимни кўриб чиқиш ва уни эҳтимолий блоклаш учун 30 кун вақт бор.
Аввалроқ Reuters ва Bloomberg агентлиги АҚШ президенти Жо Байден Конгресс аъзоларига мактуб йўллаб, мамлакат Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш таклифини қабул қилганидан сўнг Туркияга F-16 қирувчи самолётларини сотишни “кечиктирмасдан” маъқуллашга чақирганини хабар қилганди. Оқ уй ҳам худди шундай сўров юборган.
Изоҳ (0)