АҚШ президенти Жо Байден Туркиянинг F-16 қирувчи самолётлари ҳақидаги сўровини маъқуллашга тайёр. Бу ҳақда НАТО саммити бошланиши арафасида президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди.
“Президент F-16 қирувчи самолётларини ҳеч қандай шартларсиз етказиб бериш масаласини ижобий ҳал қилиш ниятида”, — деди Салливан.
Туркия F-16 ни сотиб олиш истагини 2021 йил октябрь ойида эълон қилган эди. Бу АҚШнинг бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқариш дастуридан Туркия чиқариб юборилганидан кейин юз берди. Турклар Россиядан С-400 ҳаво мудофаа тизимини сотиб олгани туфайли АҚШ шундай чора кўришга қарор қилди.
Маълумки, АҚШ президенти охирги марта 9 июль куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш, шунингдек, Швеция ва Украинанинг НАТОга кириши масаласини муҳокама қилганди.
Туркия Швециянинг иттифоққа қўшилишига розилик бермаган ягона давлат бўлиб турганди. Аммо бугун Туркия президенти Швецияни НАТОга қабул қилиш тўғрисидаги протоколни мамлакат парламентига юборишга рози экани маълум бўлди.
НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг сўзларига кўра, Эрдўғон буни имкон қадар тезроқ амалга оширишга ваъда берган, Швеция эса ўз навбатида Туркиянинг Европа Иттифоқига кириш жараёнини қайта тиклашга ҳисса қўшишга ҳаракат қилади.
Шу билан бирга, аввалроқ Туркия раҳбари Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини маъқуллаш ва F-16 қирувчиларини Туркияга етказиб бериш масаласини ўзаро боғламасликни сўраган эди.
Изоҳ (0)