Саудия Арабистонида 70 йилдан ортиқ вақт ичида биринчи марта спиртли ичимликлар дўкони очилди. Бу ҳақда аноним дипломатга таяниб, Associated Press хабар берди.
Маълум қилинишича, Ар-Риёддаги ушбу дўконга фақат мусулмон бўлмаган дипломатлар кириши мумкин. Бу Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг қиролликни туризм ва бизнес учун жозибадор қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари фонида амалга оширилмоқда.
“Бу қадамлар унинг мамлакат иқтисодини нефтга қарамликдан босқичма-босқич қутқариш бўйича улкан режаларига мос келади”, — дейилади хабарда.
Дўкон Ар-Риёднинг дипломатик кварталидаги супермаркетга яқин жойда жойлашган. Дўконда алкоголли ичимликлар, жумладан, ликёрлар, винолар ва ҳозирда фақат икки турдаги пиво таклиф этилади. Харид қилиш учун ташриф буюрувчилардан дипломатик идентификация карталари ва мобил телефонларини махсус сумкаларга солиб қўйиш сўралади.
Саудия Арабистони расмийлари дўкон очилишига изоҳ беришдан бош тортган. Узоқ вақт давомида дипломатлар алкоголли ичимликларни дипломатик мақсадларда фойдаланиш мақсадида қиролликка махсус хизмат орқали олиб кирган эди.
Саудия Арабистонида спиртли ичимликларга қўйилган тақиқ
Саудия Арабистони қўшни Кувайт ва Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрига ўхшаб, спиртли ичимликларни тўлиқ тақиқлаган дунёдаги саноқли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.
1950 йилларда Саудия Арабистони монархияси асосчиси қирол Абдулазиз 1951 йилда содир бўлган воқеадан сўнг спиртли ичимликларни тақиқлашни жорий қилди. Қиролнинг ўғилларидан бири шаҳзода Мишари маст ҳолда Жидда шаҳрида Британия вице-консули Сирил Усмонни тасодифан қурол билан ўлдирган.
Мишари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва қамоққа ташланган, ўз мақоми билан ўлим жазосидан қутқарилган. Мишари қирол Сауд даврида қамоқдан озод қилинган.
Озодликка чиққандан сўнг у АҚШ ва Буюк Британияга кетган ва у ерда 1973 йилгача авиация бўйича таҳсил олган ва Саудия Арабистони тарихидаги биринчи учувчига айланган.
Шаҳзода Мишари 2000 йил 23 майда Нью-Йоркда 68 ёшида вафот этган. У қироллик оиласининг бир қанча аъзолари ва таниқли шахслари каби Ал-Адл қабристонига дафн қилинган.
Изоҳ (0)