Бирлашган Араб Амирликлари мамлакатда биринчи казино очилишини тасдиқлади, у Рас ал-Хаймадаги Wynn Marjan курортининг бир қисми бўлади. Бу ҳақда Arabian Business хабар берди.
Амирлик ҳозирда Сингапур ва Америка қоидаларига асосланган қимор секторини тартибга солиш учун маҳаллий қонунчиликни яратмоқда. БААдаги қиморхона Лас-Вегасда фаолият кўрсатувчи казинодан икки баравар катта бўлади. Унинг майдони 18,5 минг квадрат метрни ташкил қилади ва 2026 йилда очилиши режалаштирилган.
Wynn Resorts меҳмонхона оператори Лас-Вегас, Бостон ва Макаодаги казино меҳмонхоналари билан танилган. У 2022 йил январь ойида Рас ал-Хайма амирлигида «ўйин зонаси»га эга курорт қуриш режасини эълон қилганди. Ал-Маржан оролидаги янги мажмуада 1000 та меҳмонхона хонаси, камида 10 та ресторан ва дам олиш хоналари, йирик анжуманлар маркази, савдо ҳамда курорт марказлари бўлади.
Дубай ўз ҳудудида қимор ўйинларини ташкил этишга ҳозирча рухсат беришни режалаштирмаётгани ҳақида аввалроқ маҳаллий Туризм ва савдо маркетинг корпорацияси раҳбари Иссам Казим хабар берганди. Бу эълон Дубайда 2018 йилдан бери фаолият юритиб келаётган беш юлдузли Caesars Palace курортида казинолар очилиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар фонида пайдо бўлган. Дубайдаги Caesars Palace меҳмонхонаси Американинг Caesars Entertainment компаниясининг дунёда казиноси бўлмаган ягона курорти ҳисобланади.
Маълумот учун, июль ойида Қирғизистонда казинолар қонунийлаштирилганди, бироқ улар мамлакат фуқаролари учун эмас.