Самарқандда кибержиноятчилар банк ходимини 500 миллион сўмга чув туширди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, банк ходимининг Telegram мессенжерига ютуқ чиққани ҳақида хабар келган. У хабарни очиши билан пластик картасида бўлган маблағлар номаълум шахслар томонидан ечиб олинган.
“Унга пул ютуғини ютиб олдингиз деган зарарланган ҳавола келган. Устига босиб, карта маълумотлари ва SMS тасдиқлаш кодни киритганидан сўнг пластик картасида мавжуд бўлган 500 миллион сўм пул ўғирланган”, — дейди киберхавфсизлик бўлими мутахассиси.
Таъкидланишича, пластикдан ўғирланган пуллар онлайн қимор ўйинларига сарфлаб юборилган.
Аввалроқ Наманганда мактаб ўқувчиси устозининг пластик картасидан 2 миллион сўм ечиб олгани тўғрисида хабар берилганди. 2022 йил июлда эса Андижонда 8-синф ўқувчиси ўнлаб фуқароларнинг пулларини қўлга киритиб, PUBG ўйинига тикиб юборгани аниқланган эди. Июль бошида бўлса, Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги банк филиали кассири мижозларнинг 41 та банк карталаридаги маблағларни ўғирлагани маълум бўлди.
Изоҳ (0)