ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги Навоий вилоятида ўйинчоқ пистолет ёрдамида видео олиб, уни ижтимоий тармоқларда тарқатган йигитлар юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, ҳуқуқбузар йигитлар ярим тунда Навоий шаҳри Ғалабашоҳ кўчасида Gentra’да қўлига қурол олган ҳолда ҳаракатланиб, ҳолатни видеотасвирга олган. Шундан сўнг, видеони ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига жойлаган.
“Кечки пайт жўрам машинангда битта видео олайлик, деб илтимос қилди. Рози бўлдим. Қўлида ўйинчоқ пистолет, юзида эса маска эди. Видео Instagram’га қўйилгандан сўнг, тарқалиб кетди. Бу оддий пистолет, деб ўйлаб, видео олгандик. Буни қонунга хилоф деб ўйламаганмиз”, — дейди ҳуқуқбузарлардан бири.
Иккинчи йигитнинг айтишича, улар чет эл блогерларидан илҳомланиб, мазкур видеони олган.
Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида кўриб чиқилган. Суд қарорига кўра, икки ҳуқуқбузар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан айбли деб топилиб, уларга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Аввалроқ Россиялик блогер рухсатсиз Тошкент телеминорасининг учигача чиққани, Самарқандда ҳаракатланаётган Gentra’дан танасини чиқариб, сохта доллар сочган йигитларга чора кўрилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)