Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тайванда бўлиб ўтган президентлик сайловлари юзасидан баёнот берди.
Унда айтилишича, Ўзбекистон томони Тайванда бўлиб ўтган сайловлар билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.
“ ‘Ягона Хитой’ тамойилини қатъий қўллаб-қувватлашимиз ва Хитой Халқ Республикаси ҳукумати Хитойнинг ягона қонуний ҳукумати, Тайван эса Хитой ҳудудининг ажралмас қисми эканлигини яна бир бор маълум қиламиз”, — дейилади вазирлик баёнотида.
Таъкидланишича, Ўзбекистон икки соҳил ўртасидаги муносабатларнинг тинч йўл билан ривожланишининг қатъий тарафдори ҳамда ХХР ҳукуматининг Хитойни бирлаштириш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.
Тайванда президентлик сайловлари 13 январь куни бўлиб ўтди ва унда 40,2 фоиз овоз билан оролнинг мустақиллиги тарафдори бўлган Уилям Лай ғалаба қозонди. Сайловлар арафасида Хитой давлат оммавий ахборот воситалари Лайни “тинчликни бузувчи” деб атаган.
Тайванда бўлиб ўтган сайлов ғолибини Германия, Япония, Чехия ва бошқа бир қатор давлатлар ҳукуматлари ҳам табриклади. Хитой Тайвандаги президентлик сайловлари ғолибини Ғарб давлатлари табриклагани сабабли кескин норозилигини билдирди.
“Тайван Хитойнинг ажралмас қисмидир ва алоҳида давлатга айланмайди, у Хитой таркибига қайтади”, — деди Хитой ташқи ишлар вазири Ван И.
Изоҳ (0)