Андижон ва Қашқадарё вилоятларида валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритилишига чек қўйилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда И.О. исмли шахс фуқаро С.Х.га жами 4,5 минг долларни 55,9 миллион сўмга сотган вақтида ушланиб, унинг ёнидан 105 минг Россия рубли ва 70,3 миллион сўм ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Б.Ш. ва Ш.Н. фуқаро Э.С.дан жами 3,5 минг долларни 43 миллион сўмга сотиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ноқонуний валюта айирбошлаш учун қандай жавобгарлик белгиланган?
“Иқтисодий жиноятлар ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан фуқароларнинг қонунга хилоф равишда валюта қимматликларини олиши ёки ўтказиши шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 75 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар анча миқдорда содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, валюта айирбошлаш такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилганда энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мазкур ҳаракат жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этиладиган бўлса, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.
Тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни очишга фаол ёрдам берган шахс жавобгарликка тортилмайди.
Изоҳ (0)