Украина президенти Владимир Зеленский Швейцариядан юқори даражадаги тинчлик конференцияси ташкил этишни сўради. Берн бу илтимосга ижобий жавоб берди. Бу ҳақда Швейцария Конфедерацияси президенти Виола Амҳерд маълум қилди.
“Жаноб Зеленский Швейцариядан юқори даражадаги тинчлик саммитини ташкил қилишни сўради ва мен конференция ташкил этишга тайёр эканлигимизни тасдиқладим”, — деди Амҳерд Бернда бўлган матбуот анжуманида.
Унинг таъкидлашича, конференцияни ташкил этиш билан боғлиқ тафсилотлар чуқур ўрганиб чиқилади.
Швейцария ҳукумати веб-сайтида эълон қилинган пресс-релизда таъкидланганидек, икки мамлакат раҳбарлари Украинада тинчликка эришиш бўйича “кейинги қадамларни муҳокама қилишди”.
“Швейцария Украина президентининг илтимосига кўра тинчлик формуласи бўйича юқори даражадаги конференция ташкил этишга тайёрлигини маълум қилди. Ҳозирда қўшимча тафсилотлар муҳокама қилинмоқда”, — деди мамлакат раҳбари.
Музокараларда, шунингдек, 14 январь куни Давосда бўлиб ўтган миллий хавфсизлик маслаҳатчилари даражасидаги тўртинчи учрашув муҳокама қилинди. Ҳар икки делегация “ушбу тадбирни ташкил этишдаги яқин ҳамкорликни юқори баҳолади”, дейилади хабарда.
Зеленский Швейцарияга 15 январь куни ташриф билан келган эди. У 16 январь куни Давосда бўлиб ўтадиган Жаҳон иқтисодий форуми йиғилишида нутқ сўзлаши режалаштирилган.
Изоҳ (0)