Ҳусийлар Яман қирғоқлари яқинида АҚШга тегишли юк ташувчи кемага ракета билан зарба берди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Британиянинг Амбрей денгиз хавфсизлиги компанияси Яман яқинида АҚШга тегишли, Маршалл ороллари байроғи остида ҳарактланувчи кема нишонга олинганини маълум қилди.
“Ракета кема омборида ёнғинни келтириб чиқарган, бироқ кема денгизга чиқишга яроқлилигича қолмоқда”, — дейилади хабарда.
Компаниянинг қўшимча қилишича, кеманинг Исроил билан алоқаси йўқ. Ҳужум америкалик аскарларнинг Ямандаги ҳусийлар позицияларига уюштирган ҳужумлари туфайли содир этилган. АҚШ армияси марказий қўмондонлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
“15 январь куни маҳаллий вақт билан соат 16:00 атрофида Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийлар Яманнинг назорати остидаги ҳудудларидан кемага қарши баллистик ракета учирди ва АҚШга тегишли ва Маршалл ороллари байроғи остидаги Gibraltar Eagle контейнер кемасига зарба берди. Кемада жабрланганлар ёки жиддий вайронагарчиликлар қайд этилмаган ва у ўз йўлида давом этмоқда”, — дейилади муносабатда.
Изоҳ (0)