Ҳар даврнинг саҳна юлдузлари бўлади. Шубҳасиз, Ҳамдам Собировни замонамизнинг энг ёрқин юлдузларидан бири дейиш мумкин. Унга чин маънода омад кулиб боқди. Агар бундай бўлмаганида ҳар бир қўшиғи “хит” бўлмаган, элнинг назарига тушмаган бўларди. Албатта, бугунги натижаларнинг ортида катта меҳнат ва талайгина қийинчиликлар бор.
“Ота-онам ишларди, аммо ойлаб маошини ололмасди”
Ҳамдам Собиров 1989 йилнинг 6 январь куни Навоий вилоятида дунёга келган. У болалигини қуйидагича хотирлайди.
— Болалигим қишлоқда ўтган. Ҳамма болалар сингари кўча чангитиб катта бўлганман. Оилада учинчи фарзандман, иккита опам ва битта синглим бор. Ота-онам тинимсиз меҳнат қиларди, аммо рўзғоримиз бут бўлганини эслолмайман. Чунки у пайтлари ишчиларга ойлаб иш ҳақи берилмас, оладиганлари ҳам ойдан-ойга етмасди. Дадам кўпинча ишда бўларди, тарбиямиз билан асосан онам шуғулланарди. Онамнинг ҳеч қачон уриб, бақирганини эслолмайман. Айб қилсак ҳам эркалаб тушунтирарди.
Бир куни мактабдан қайтаётганимда катта юк машинасидан тарвуз туширишаётган экан. Роса егим келган ва ёрдамлашиб юборсам тарвуз берасизларми, деб сўраганман. Ишлаганман, аммо жуда кичкина тарвуз беришган. Хурсанд бўлиб уйга кетаётганимда қўлимдан тушириб юборганман ва тарвуз ёрилиб кетган. Ҳафсалам пир бўлиб уйга қайтганман ва онамга “Пул беринг, тарвуз олиб келайлик”, деганман. Онамнинг ҳам пули йўқ эканми, бир нечта танга берган. Кичкина тарвуз олиб еб ўтирсак, тоғам катта тарвуз кўтариб кириб келган. Роса хурсанд бўлганмиз. Болалик деганда ана шу воқеалар кўз олдимдан ўтади, — дейди Ҳамдам Собиров.
“Моддий аҳволингизга қараб баҳо қўярди”
Хонанда устозларидан ранжигани ва оила шароитига қараб ўқувчини ажратиш яхши эмаслиги ҳақида гапирди.
— Афсуски, шундай воқеалар бўларди. Айрим ўқитувчилар ўқувчининг оиласидаги моддий аҳволига қараб баҳо қўярди. Менда ҳам шундай воқеа бўлган. Бир устозим кўп камситарди ва энг паст баҳони қўярди. Бир гал ҳатто, бир баҳо ҳам қўйган. Онам мажлисга борганида шу ҳақида айтган. Онам мени уришмаган, аксинча “Демак, болам бошқалардан ажралиб тураркан, ҳатто икки эмас, бир баҳони қўйибсиз”, деган, — дейди хонанда.
“Россияда ишлаб уйга умуман пул жўнатолмаганман”
Хонанда оиласидаги моддий қийинчиликлар сабаб Россияга ишлагани кетгани ҳақида сўзлаб берди.
— Россияга ишлашга кетганимда коллежнинг биринчи курсини тамомлагандим. Ўқитувчилар билан гаплашиб, пулини бериб, иккинчи курсни умуман ўқимаганман. Ишлашга кетишимнинг асосий сабаби пул бўлган. Оиламиз анча қийналиб қолгани учун кетишга мажбур бўлганман. Ўша пайт ойига 200 АҚШ доллари олишим ҳақида айтишганди. Бошида пулнинг бир қисмини беришган, аммо кейин умуман беришмаган. Уйга умуман пул жўнатмаганман, аранг бир йил-у икки ойдан кейин Ўзбекистонга қайтиб келганман. Мен ҳам кўпчилик қатори Россияда қурилишда ишлаганман. Ёш бўлганим учунми қийинчилик унчалик сезилмаган. Мен биноларнинг сим каркасларини тўқирдим. Иш пайтида қўшиқ айтиб ўтирсам ёнимдагилар “Хонанда бўласанми? Нега бу ерларда юрибсан” деб кўп сўрашарди. Хонанда бўлишни орзу қилардим, аммо оиламдаги шароитни билганим учун ҳам у ердан кетолмасдим, — дейди Ҳамдам Собиров.
“Тошкентда 17 йил ижара уйда яшадим”
Хонанда Ўзбекистонга қайтиб ўқишга кириш учун жиддий тайёргарлик кўргани ва шартнома асосида ўқишга қабул қилингани ҳақида сўзлаб берди.
— Коллежнинг учинчи курсини ўқиганман, ишлаб пул тополмадим энди яхшилаб тайёрланиб Тошкентга кетаман, деб ният қилганман. Шунинг учун ҳам илк уринишдаёқ институтга шартнома асосида қабул қилинганман. Бир томондан ўқишга кирганимдан хурсандман, бошқа томондан эса шартнома пулини қандай тўлаш ҳақида ўйлаганмиз. Чунки бунча пулни тўлаш оиламизга оғирлик қиларди. Насиб қилган экан, ўқидим. Аммо ўшанда Тошкентда яшаш бунчалар оғирлигини билмагандим.
Пулим камлиги учун кичик уйни бир нечта йигитлар билан банд қилардик. Феъл-атвори турлича бўлган инсонлар билан бир уйда яшаш қанчалик қийинлигини бошидан кечирганлар яхши билади. Ҳатто истаган пайт чироқни ҳам ёқолмайдиган кунларим бўлган. Кейинчалик бир-икки сўм топгандан кейин ўзим учун алоҳида уйни ижрага олганман. Ўйлаб қарасам, Тошкентда 17 йил ижарада яшаган эканман, — дейди Ҳамдам Собиров.
“Гуруҳ билан ишлашим ҳаётимни ўзгартирмаган”
Ҳамдам Собиров курсдошлари билан “Манго” гуруҳини ташкил қилгани ҳақида гапирди.
— Азизхон ва Фаррух билан курсдош бўлганмиз. Аслида Азизхоннинг ўзи якакахон ижодни бошламоқчи бўлган. Унга гуруҳ сифатида ижод қилишни таклиф қилганмиз ва у акаларини продюссерлик қилишга кўндирган. Аввалига ҳаммаси яхши эди. Чунки биз бир-биримизни биламиз деб ўйлардик.
Онам “Манго”да чиққанимни телевизорда кўрганлар, жуда хурсанд бўлганлар. Лекин менинг “Манго”да чиқишим ҳаётимизга ҳеч қандай ўзгариш олиб келмаган. Иқтисодий жиҳатдан оиламиз қийин вазиятга тушиб қолганда, мен олиб чиқиб кетолмаганман.
Масалан, шундай вазиятлар бўлганки, оиламга 100 минг сўм ҳам топиб беролмадим. Лекин ўша пайт “Манго” гуруҳида қўшиқ айтардим. Ҳамма танийди, мен билан мухлислар расмга тушади. Тасаввур қилинг, концертда ҳамма мен билан расмга тушяпти, менга “Сен зўрсанда, ҳеч кимни писанд қилмайсан”, дейишяпти. Лекин ишонасизми, ўша вақтда чўнтагимда бир тийин пулим йўқ, қорним оч эди. Тезроқ бориб нимадир ейман дейман, лекин бу вазиятни ҳеч ким тушунмайди.
Одам юлдуз бўлиши мумкин, лекин бу бой бўлади дегани эмас. Ҳамма юлдузлар ҳам бой эмас. Бу нарсани қандай баҳолашни мен билмайман, — дейди Ҳамдам Собиров.
Хонанданинг гуруҳдан кетишига оиласи сабаб бўлдими?
Гуруҳнинг бошқа аъзоси Фаррух Раимов “Манго”нинг тарқалиш сабабларини қуйидагича изоҳлайди.
— Ҳақиқатан ҳам ёшлигимдан бирга ўсган дўстим. Жойи келса ўзим емасам ҳам, киймасам ҳам, унга берганман, керак бўлса ота-онамга ҳам қарши чиққанман. Берган меҳримга ва дўст бўлган вақтимга ачинаман. У 500 минг долларлик машина минадими ёки шаҳарнинг ярмини сотиб олиб, миллиардер бўлиб кетадими, майли. Ёшликдаги дўстлик йўқ. Орадаги одамлар барибир муносабатларни бузар экан. Ҳозир ундан ҳам, бошқасидан ҳам хафа эмасман.
Ҳамдам билан дўстлигимиз бузилишига оила сабабчи бўлган. Буни ўзи хоҳлади, ўртада ҳеч қандай жанжал бўлгани йўқ. Бир нарсани айтишим керак, мен Ҳамдамдан кибри учун хафа бўлганман. Лекин бу ишни менга қилмаган, иккита ўртоғимга қилган, кимлигини Аллоҳ билади. У келиб кўришмоқчи ҳам, ярашмоқчи ҳам бўлди, лекин юракдан хоҳламади. Кимлардир қаергадир чақирди, бормадим, жойи келганда бир жойда кўришиб қолдик. Бўлмади, сабаби бу кўнгилни оғритади. Бошқа дўстларим билан уришсам ҳам, майли, бир-икки йил бўлган бўлса ҳеч нарса эмас. У билан битта олийгоҳда, коллежда бирга ўқиганмиз. Иккимиз институтга имтиҳон бўлишидан икки кун олдин Навоийдан автобусда бирга келганмиз. Ҳеч нарсамиз бўлмаган, тўғри институтга борганмиз. Қанча қийинчилик бўлган бўлса, бирга ёнма-ён турганман. Жуда кўп меҳр бериб юборган эканман.
Мен берган меҳрни у қабул қила олмагандир балки. Кўрмаганнинг кўргани қурсин, ҳозир ҳамма бир ўзим бўлай дейди, у ҳам шунақа дегандир. Майли, тўйиб олсин. Қанақа воқеа бўлишидан қатъи назар мени эшитарди, балки у ўзини эшитишларини хоҳлагандир ёки оиласидагилар гаплашмайсан, дегандир.
Мен билмайман. Келиб, юзимга сен билан дўст бўлолмас эканман, бошқа одамлар билан дўст бўлишим керак экан, деб айтган. Нимага, деб сўрасам жавоб бермади. Бир куни келди, ўша пайтда йигирма кун гаплашмай юрганмиз, қаердасан, сен билан кўришмасам бўлмайди деди. Келиб қучоқлашиб кўришди, нотўғри қилибман деди, ҳаммаси яхши бўлганида яна йўқолиб қолди. Қанақа тушуниш керак, билмадим. Майли, тақдир шунақа экан, унинг йўли бошқа, меники бошқа. Омадини берсин, унга нисбатан ҳеч қандай ғаразим йўқ. Кун келиб тушунар балки, — дейди Фаррух Раимов.
“Кўрмаганнинг кўргани қурсин”
Хонанда Фаррух Раимов “Манго” гуруҳининг бўлиниб кетишига пул сабаб бўлганини, гуруҳнинг собиқ аъзоси Азизхоннинг Ҳамдам Собиров билан ҳам айнан шунинг учун муносабатлари бузилганини айтган.
— Бошидан айтадиган бўлсам, гуруҳдаги ҳамма оддий шароитдаги оиладан бўлган. Кўрмаганнинг кўргани қурсин, пул келганидан кейин шундай бўлади. Неча маротаба орамиз бузилган бўлса, барчасига пул сабабчи бўлган. Кибр, пул... Биринчи марта уришиб қолганимизда айб Азизхонда бўлган. Шундан кейин келиша олмаганмиз, мен кетганман, кейин қайтиб келганман. Мендан кейин у кетди, ундан кейин Ҳамдам. Кейин гуруҳга Ойбек келди. Манманлик, кибр, бир-бирини тушунмаслик бўлса бўлмайди барибир. Неча маротаба ҳаракат қилиб кўрдик, бўлмади. Гуруҳда кимдир кимнидир айнитган, феъл-атвори бир-бирига тўғри келмаган ёки қилган ишимизни кўра олмаганмиз, — дейди Фаррух Раимов интервьюсида.
Яккахон ижод омад келтирди
Ҳамдам Собиров “Манго”ни тарк этганидан сўнг янги аъзо қабул қилинди ва бир муддат ижодни давом эттиришди. Аммо натижалар кутилганидек бўлмади. Ҳамдам Собиров эса жуда қисқа вақт ичида “Мактабимда” қўшиғи билан яккахон ижрочи сифатида танилиб кетди. У ҳозир нафақат хонанда, бастакор сифатида ҳам ҳамкасблари орасида ҳурматга эга. У нафақат ёшларга, балки устоз санъаткорларга ҳам қўшиқ ёзади.
Ҳамдам Собиров аёли Маржона билан севишиб оила қурган. Ҳозирда уларнинг бир ўғил ва бир қизи бор.
— Тадбиркорлик билан шуғулланаман, фақат айнан қайси йўналишда эканлигини ошкор этолмайман. Ҳозирги кунда кўпроқ болаларим билан бандман, — дейди Маржона Собирова.
Изоҳ (0)