2023 йил расман 1850 йилдан бери қайд этилган энг иссиқ йил бўлди. Ўртача йиллик ҳарорат умумий ҳисобда 1,48 градусга юқори бўлди.
Олимлар инсоният Париж келишувида қайд этилган икки чегарадан биринчисига етиб келди деб ҳисобламоқдалар. Бундан ташқари, улар иқлим ўзгаришининг ердаги ҳаёт учун ҳалокатли оқибатларини башорат қилмоқдалар.
Бугун, 9 январь куни Европа Иттифоқининг Коперник иқлим маркази тадқиқотчилари ўзларининг йиллик иқлим таҳлилларини эълон қилиб, 2023 йил 2016 йилда ўрнатилган аввалги рекордни катта фарқ билан янгилаганини маълум қилишди.
“2023 йилнинг ҳар бир куни 1850–1900 йиллардаги саноат ривожидан олдинги даражадан 1 градусга юқори бўлди. Деярли ҳар иккинчи кун 1850–1900 йиллардагидан 1,5 градусга кўпроқ иссиқ бўлди”, — дейилади тадқиқот материалида.
2015 йилда Парижда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида дунёнинг деярли барча давлатлари бу аср давомида глобал ҳароратнинг кўтарилишини саноат ривожидан олдинги даражадан 2 градусгача чеклашга, идеал ҳолда эса 1,5 градусга етказмасдан ушлаб туришга келишиб олганди.
Париж келишуви мақсадларига эришиш тобора қийинлашиб бормоқда. Сўнгги тўққиз йил сезиларли фарқ билан рекорд даражадаги энг иссиқ йил бўлди.
“2023 йил ўзига хос йил бўлди. Иқлим рекордлари бирин-кетин янгиланди. Афтидан, бу сўнгги 100 минг йилдаги энг иссиқ йил бўлди”, — дея изоҳ берди Коперник маркази раҳбарларидан бири Саманта Бургесс.
Изоҳ (0)