Давлат активларини бошқариш агентлиги “Ўзбекистон шампани” АЖнинг устав капиталидаги давлат акциялар пакетини сотиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, агентлик томонидан энг мақбул таклифларни танлаб олиш асосида KPMG халқаро компанияси хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб этилган. Натижада инвесторлардан сотиб олиш бўйича қизиқиш тўғрисидаги 5 та аризалар (Express of Interest) келиб тушган.
Талабгорлар хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги ҳамда Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек, йирик халқаро молия институтларининг санкциялари рўйхатига киритилмагани юзасидан ўрганилган.
Келиб тушган таклифлар орасида энг юқори нарх таклифи билдирган, келажакда жамият фаолиятини барқарор ривожланишини таъминлай оладиган ва ишлаб чиқариш жараёнларини тўлиқ давомийлигини шакллантиришга салоҳиятли бўлган Euro Pack МЧЖ, “Ўзбекистон шампани” АЖ устав капиталидаги 51,48 фоиз давлат акциялар пакетини сотиб олиш учун қўйилган талабларга тўлиқ жавоб берган ва 72 миллиард сўм сотиб олиш тўлови билан ғолиб деб топилган.
Шу билан бирга, харидорнинг таклифи халқаро консультант томонидан ҳисобланган корхонанинг индикатив нархлар оралиғининг юқори қисмида жойлашган ҳамда корхонанинг баҳоланган қийматидан юқори.
Корхонани хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.
Харидор сотиб олиш тўловига қўшимча равишда 2024-2025 йилларда корхонани ривожлантириш учун 18,5 миллион доллар миқдорида инвестиция киритиш, бунда ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция ва модернизация қилиш, коньяк спиртини ишлаб чиқариш ускунасини ва сақлаш учун дуб бочкаларини ўрнатиш, шу билан бирга, гастрономик туризмни ривожлантириш ва ривожланган бу каби ишлаб чиқаришнинг самарали тажрибасидан келиб чиқиб, Корхона ҳудудида ресторан ва дегустация залини ташкил этиш, Паркент туманида узумчилик плантациясини ташкил этиш ҳамда винотуризм масканини барпо этиш каби мажбуриятларни ўз зиммасига олади.
Компания ҳақида маълумот
“Ўзбекистон шампани” Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, 1942 йилда ишга туширилган. Компаниянинг асосий фаолият тури шампан ва бошқа газланган шароб ичимликларини ишлаб чиқариш, шунингдек, шароб материалларига ишлов беришдан иборат.
2021 йил якунига кўра, компаниянинг соф тушуми 65,6 млрд сўмни, соф фойдаси 2 млрд сўмни ҳамда соф активи 12 млрд сўмни ташкил этган.
Изоҳ (0)