Норвегия ҳукумати мамлакат компанияларига Украинага тўғридан тўғри қурол ва мудофаа маҳсулотларини сотишга рухсат берди. Қонунчиликка ўзгартиришлар 2024 йил 1 январдан кучга кирди, дейилади ҳукумат матбуот хизмати хабарида.
Расмийлар ушбу қарорни Украинага қурол етказиб бериш ресурслари чеклангани сабаб қўшимча ёрдам кўрсатиш зарурати билан изоҳлади. Энди Норвегия мудофаа компаниялари экспорт ва тўғридан тўғри сотишга рухсат берувчи лицензия олиш учун Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилиши мумкин бўлади.
Лицензиялар қуйидаги шартлар бажарилишига ишонч ҳосил қилинганидан сўнг берилади: қуролларни фақат Украина ҳукуматига сотиш, ундан фойдаланиш кафолатлари, етказиб бериш йўлларининг хавфсизлиги.
2022 йил февралида уруш бошланганидан сўнг Норвегия Россиянинг ҳаракатларини қоралаб, Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатувчи давлатлар қаторига қўшилди. Бироқ Норвегияда қурол ишлаб чиқарувчиларига жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган мамлакатларга тўғридан тўғри қурол етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш тақиқланган эди. Тақиқ Украинадан бошқа давлатлар учун ҳануз амал қилади.
Изоҳ (0)