Венгрия бош вазири Виктор Орбан ва Украина президенти Владимир Зеленский ўртасидаги учрашувга тайёргарлик давом этмоқда, бироқ бир қанча мунозарали масалалар ҳал этилмагани учун учрашув ўтказишга ҳали вақтли. Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири ўринбосари Левенте Мадяр “Магяр Немзет” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
“Владимир Зеленский ва Виктор Орбан ўртасидаги учрашувга тайёргарлик кўраётганда, биз биринчи навбатда музокаралар столида келишмовчиликларни қандай ҳал қилиш бўйича бир тўхтамга келиш керак, деган шарт қўйдик. Биз ҳали бу нуқтага етганимиз йўқ, шунинг учун ҳозир учрашув ўтказиш имконсиз. Лекин биз бунинг устида ишлаяпмиз. Украиналиклар бизнинг сўровларимизни бажариш учун баъзи қадамларни қўйишди”, — деди Венгрия ташқи ишлар вазири ўринбосари.
Охирги икки йил давомида Орбан Зеленский билан бирорта ҳам тўлақонли учрашув ўтказмаган, Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари раҳбарларидан фарқли ўлароқ, у бу вақт ичида ҳеч қачон Киевга ташриф буюрмаган.
Улар Украина президенти меҳмон сифатида келган Брюсселдаги Европа Иттифоқи саммитида ва 10 декабрь куни Буэнос-Айресда Аргентина президенти Хавьер Милейнинг инаугурация маросимида бир оз гаплашишган, холос.
Аргентинадаги қисқа учрашувда Зеленский Орбанни Украинага таклиф этди. 21 декабрь куни йил якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Венгрия бош вазири ушбу таклифни қабул қилганини, бироқ учрашувга тайёргарлик кўриш кераклигини маълум қилди.
Унинг аниқлик киритишича, Венгрия ва Украина ташқи ишлар вазирларига бу вазифа ишониб топширилган, лекин учрашув қачон ўтказилиши ҳали ҳал қилинмаган.
Изоҳ (0)