2024 йилда Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан молиявий ёрдам бўлмаса, Украина расмийлари иш ҳақи ва пенсияларни тўлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажара олмайди. Бу ҳақда Украина иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко Financial Times нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Юлия Свириденконинг таъкидлашича, келгуси йилда Украина ҳукумати мамлакат мудофаа қобилиятини молиялаштириш ва давлат қарзини ёпишга устувор аҳамият беради. Шу муносабат билан, вазирнинг сўзларига кўра, “айрим ижтимоий соҳаларнинг етарли даражада молиялаштирилмаслиги хавфи катта”.
Иқтисодиёт вазири Европа Иттифоқи давлатларининг молиявий ёрдами Украина учун жуда муҳим эканини таъкидлади. Агар ёрдам берилмаса, 10 миллион нафақахўр нафақасиз қолиши, 1,5 миллион ўқитувчи ва 500 минг давлат хизматчиси маошсиз қолиши мумкин. Юлия Свириденко ЕИ февраль ойида Украина эҳтиёжлари учун маблағ ажратишни маъқуллаб, март ойи охиригача бу маблағни мамлакатга етказишига умид билдирди.
Европа Иттифоқи Украинага кредит ва грантлар кўринишида 50 миллиард евро ажратиши кутилмоқда. Аммо якуний қарор Венгрия томонидан блокланди. Financial Times газетасининг ёзишича, ЕИ Венгриянинг ветосини четлаб ўтишни режалаштирмоқда, бу механизм Украинага алоҳида мамлакатлардан кафолатлар эвазига қарз олиш орқали 20 миллиард евро ажратиш имконини беради.
Изоҳ (0)