АҚШ бошчилигида 20 дан ортиқ давлат Қизил денгиздаги кемаларнинг ҳусийлар ҳужумидан ҳимоя қилиш коалициясига қўшилди. Бу ҳақда АҚШ мудофаа расмийсига таяниб, BBC хабар берди.
Қизил денгиз ва ундан кейин Сувайш канали орқали ўтадиган денгиз йўли Осиё ва Европа мамлакатларини боғлайди. У жаҳон савдосининг қарийб 12 фоизини ташкил қилади. Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари кучайиши фонида Ямандаги ҳусийлар Қизил денгиздаги Исроил билан боғлиқ ҳар қандай кемага ҳужум қилишлари ҳақида огоҳлантирганди.
Шундан сўнг бир қатор компаниялар Қизил денгиз орқали юк ташишни тўхтатишга қарор қилди. Мутахассислар бу глобал таъминот занжирларидаги тебранишлар туфайли товарларни ташиш харажатлари ошишига олиб келишини айтмоқда.
Жаҳон товарлари савдосининг 80 фоиздан ортиғи денгиз орқали амалга оширилади. Кучли қурғоқчилик туфайли Панама канали орқали юк ташиш аллақачон чекланган.
Ҳозирда ҳусийларга қарши коалицияга Баҳрайн, Англия, Франция, Италия, Нидерландия, Норвегия, Сейшел ороллари ва Испания давлатлари қўшилгани маълум.
“Коалиция кучлари ўзига хос автомагистрал полицияси бўлиб хизмат қилади, Қизил денгиз ва Адан кўрфази бўйлаб патруллик қилади ва керак бўлганда ушбу муҳим халқаро сув йўлидан ўтадиган тижорат кемаларига ёрдам беради”, — дейди Пентагон матбуот котиби генерал майор Пет Райдеру.
Пентагон томонидан тақдим этилган маълумотларда коалицияга қўшилган камида саккизта давлат ўз иштирокини эълон қилмасликни афзал кўрган. Бу эса минтақадаги кескинлик давом этаётгани сабабли ушбу операциянинг сиёсий сезгирлигини кўрсатади.
Изоҳ (0)