Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаевни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, уларни аниқ мазмун билан бойитиш масалалари кўриб чиқилди. Жеенбек Кулубаев президентга қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаровнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон президенти кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик юксак даражага чиққани ва сермаҳсул тус олганини, жумладан парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудлар, жамоатчилик ва ишбилармон доиралар даражасидаги мулоқот ва алмашинувлар анча фаоллашганини таъкидлади.
Ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритмоқда. Ўзбекистон—Қирғизистон тараққиёт фонди ишга туширилди. Товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажмлари ортмоқда, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Қўшма маданий-гуманитар тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ушрашувда фаол сиёсий мулоқотни давом эттириш ҳамда устувор дастур ва лойиҳаларни, шу жумладан Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли қурилишини жадаллаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Изоҳ (0)