Қирғизистон Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли лойиҳасининг ўз қисмининг қурилишини 2024 йилнинг бошида бошлаши мумкин. Бу ҳақда Қирғизистон бош вазири Оқилбек Жапаров депутатлар билан учрашувда маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш деярли якунланган. Лойиҳа қиймати 6 миллиард долларга баҳоланган.
“Биз молия манбаларини қидирмоқдамиз. Хитой томонида қурилиш аллақачон бошланган. Биз Ўзбекистон билан биргаликда Қозармондан Жалолободга қадар молиялаштиришга деярли қарор қилдик. Бу жараённи қиш-баҳорда якунласак, келаси йилдан темир йўл ётқизишни бошлаймиз”, — деди Жапаров.
Қирғизистон бош вазири, шунингдек, экспорт мамлакатнинг келажакдаги иқтисодий ривожланишининг асосий омили бўлишини таъкидлади. У Қирғизистонни Евросиё савдо маркази ва экспорт товарларини йиғиш, сақлаш, саралаш ва учинчи давлатларга жўнатиш бўйича минтақавий логистика марказига айлантиришга тайёрлигини билдирди.
Изоҳ (0)