Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилаётган “Толибон” ҳаракати ижтимоий фаол Жулия Парсини уч ойлик ҳибсдан сўнг озод қилди. Бу ҳақда 18 декабрь куни Aamaj News нашри ўз манбасига таяниб хабар берди.
Парси “Толибон” томонидан афғон аёлларига нисбатан дискриминацияга қарши бир неча бор намойишларда қатнашгани учун ҳибсга олинган. “Толибон” жангчилари аёл ва унинг ўғлини уйидан олиб кетган.
15 декабрь куни толиблар яна бир ижтимоий фаол Неда Парвонини озод қилгани маълум бўлди.
У турмуш ўртоғи ва 4 ёшли ўғли билан шу йилнинг сентябрь ойи ўрталарида ҳибсга олинган. Қамоқда Парвони руҳияти билан боғлиқ психологик муаммоларга дуч келди.
Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, “Толибон” аёлларга нисбатан дискриминация сиёсатини изчил давом эттирди. Сўнгги икки йил ичида улар аёллар учун жуда кўп чекловлар киритди, хусусан, уларга кўп соҳаларда ишлаш, машина ҳайдаш ёки фильмларда роль ўйнаш тақиқланди. Қизларнинг олий ўқув юртларида, олтинчи синфдан кейин мактабларда ўқиши тақиқланди.
Афғонистондаги ижтимоий фаоллар вақти-вақти билан дискриминацияга қарши норозилик намойишлари ўтказади.
Изоҳ (0)