Тошкент вилояти Бекобод туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департамент ҳамда ДХХнинг Бекобод тумани бўлимлари томонидан ИИБ ва “Ўзэнергоинспекция” Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаро С.Қ. “Ёшлик” МФЙ ҳудудидаги хонадонининг ёрдамчи хўжалигида оҳак ишлаб чиқарувчи яширин цех ташкил этиб, тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ўғрилик йўли билан уланиб, жами 394,2 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан олдин Тошкент ва Андижон вилоятларида оҳак ишлаб чиқариш цехи ва иссиқхона газдан ноқонуний фойдаланиши натижасида тизимга 876 миллион сўм зарар етказгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда йил бошидан буён ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида 26 та ноқонуний майнинг ферма фош қилинган.
Изоҳ (0)