АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси мамлакатнинг 2024-молия йили учун (октябрь ойида бошланган) 886 миллиард доллар миқдоридаги мудофаа бюджети лойиҳасини маъқуллади, деб хабар бермоқда Reuters.
Ҳужжатни 310 конгрессмен қўллаб-қувватлаган, 118 нафари қарши чиққан. Аввал лойиҳа АҚШ Сенати томонидан маъқулланган эди. Энди у имзолаш учун президент Жо Байденга юборилади.
Ҳужжат мудофаага рекорд даражада маблағ ажратишни назарда тутади, бу сумма ўтган йилга нисбатан тахминан 3 фоиз кўп.
Лойиҳа, шунингдек, Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси муддатини узайтиришни кўзда тутади, унга кўра, АҚШ 2024 йилда Киевга 300 миллион доллар ажратади. Бу пулдан, деб ёзади Politico, Пентагон томонидан Киевга қурол-яроғ етказиб бериш учун фойдаланилади.
Ҳужжат, шунингдек, Украинага юборилаётган ҳарбий ёрдамни назорат қилишнинг янги механизмларини жорий этишни ҳам ўз ичига олади.
Хавфсизлик учун яна 106 миллиард доллар ажратиш ҳақида бошқа қонун лойиҳаси АҚШ Конгрессида ички сиёсий келишмовчиликлар туфайли тўхтаб қолганди. Ушбу суммадан 61,4 миллиарди Киевга ёрдам учун юборилиши керак эди.
АҚШ Сенати қонун лойиҳаси устида ишлашни давом эттириш учун 14 декабрдан кейин бошланадиган Рождество таътилини кейинга қолдириши кутилмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украинани қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағ деярли тугаб қолганини таъкидлаган.
Изоҳ (0)