Туркманистонда Бетарафлик куни (12 декабрда нишонланади) муносабати билан президент Сердар Бердимуҳамедов 302 кишини, жумладан, 6 нафар чет эл фуқаросини афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар бермоқда “Алтин Асир” маҳаллий телеканали. Ҳужжат ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида имзоланди.
“Туркманистон президенти афв этилган фуқароларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга виждонан ҳисса қўшиш, Ватанга виждонан хизмат қилишни тилади”, — дейилади хабарда.
Маҳаллий ҳокимликка уларнинг бандлигини таъминлаш топширилди. Туркманистонда маҳбусларни афв этиш муҳим саналар, жумладан, мусулмон байрамлари арафасида ўтказилади.
Аввалги тадбир Мустақиллик байрамига (27 сентябрь) бағишлаб ўтказилган, унда мамлакатнинг 1 180 нафар фуқароси қамоқдан озод этилган эди.
Эзиз Бояров