Тошкент вилояти Бекобод туманида пул эвазига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган шахс қўлга олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Бекобод туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда М.А. исмли шахс икки нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Олмалиқ шаҳридаги Тоғ-кон металлургия комбинатига ишга жойлаштириб қўйиши эвазига 1,2 минг долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан олдин Самарқандда Миллий гвардияга ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 27 минг АҚШ долларини ўзлаштирган фуқарога жиноят иши қўзғатилгани, Бухорода фуқарони Миллий гвардияга ишга қўйиш эвазига 2 000 доллар олган шахслар ушлангани, Самарқандда ҳарбий олийгоҳлар ва Темурбеклар мактабига ўқишга киритишини айтиб, фуқаролардан қарийб 10 500 доллар пул олган аёл қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)