Андижон вилоятида ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган диспетчер ва иқтисодчи ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департамент ҳамда ДХХнинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон вилояти филиали диспетчери М.А. фуқаро М.Қ.ни 1,5 минг доллар эвазига Call-марказга ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилгани аниқланган.
Диспетчер пулдан 1 000 долларни олган вақтида ушланган. Унинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон вилояти филиали иқтисодчиси Д.У. ўз хизмат хонасида М.А.дан 1000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
2022 йил декабрда Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида тиббиёт бирлашмаси бош шифокори 500 доллар пора билан қўлга тушгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, август ойида Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида пора эвазига ҳамшираликка ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс ушланган эди. 2023 йил апрелида эса Қашқадарёда соғлом одамни руҳий касалхонага рўйхатга қўйган бош шифокор қўлга олинганди.
Изоҳ (0)