Тошкент шаҳрида бир аёлнинг суратларига ишлов бериб, уни ижтимоий тармоқларда тарқатган шахс қўлга олинди, деб хабар беради “Халқ сўзи онлайн”.
Қайд этилишича, Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи 29 ёшли (аёл) С.Ф. мурожаат қилиб, ўзининг уятли фото ҳамда видеотасвирлари номаълум шахс томонидан Telegram мессенжерида тарқатиб юборилганини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшовчи 17 ёшли З.С. содир этгани аниқланган.
Маълум бўлишича, фуқаро З.С. Telegram мессенжерида жабрланувчи С.Ф.нинг профилидан у жойлаштирган фотосуратларини юклаб олиб, махсус дастурлардан фойдаланиб ишлов бериб, тарқатиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 141/3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. З.С.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, июль охирларида Бухоро шаҳрида эркак билан ишқий муносабатда бўлиб, уни турмуш ўртоғига ошкор қилмаслик эвазига телефон талаб қилган қиз қўлга олинганди. Май ойида Тошкентда аёлнинг фото-видеоларини эри ва қайнотасига кўрсатишини айтиб, ундан пул талаб қилган эркак ушлангани, Тошкент вилоятида 19 ёшли қизнинг суратларини тарқатиш билан таҳдид қилган йигит қўлга тушгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)