Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов “Дарё” нашрига берган интервьюсида нима учун мамлакатда талаб бўла туриб, табиий газни чет элга экспорт қилиши ҳақида изоҳ берди.
Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, Ўзбекистон зиммасида қўшма корхоналар ёки маҳсулотни тақсимлаш битимлари доирасида хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилган инвестиция лойиҳалари бор.
“Улар жуда катта инвестицияни геология қидирув ишларига, қазиб чиқаришга, газ тайёрлаш, қайта ишлашга киритган сармоядорлар. Албатта шартномалари тузилганда харажатларни қоплаш учун маълум бир қисм газни экспорт қилиш кўзда тутилган. Ҳозир айнан ўша газ экспорт қилинмоқда. Бу ўзаро манфаатли бўлган”, — деди вазир.
Унинг алоҳида таъкидлашича, Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошираётган компанияларни аваллари жуда катта ҳажмли гап экспортга йўналтириш кўзда тутилган бўлса, ҳозир олиб борилган музокаралар натижасида асосий қисми ички бозорга йўналтириляпти.
Шартномаларда имзоланган маълум бир қисмигина экспорт қилинмоқда. Шуни айтиб ўтиш керакки, бу ички истеъмолга зарар етказмаган ҳолда амалга оширилади.
Масалан, ўтган йили қишда экспортни умуман тўхтатганмиз. Ҳозирги кунда заправкалар, саноат объектларига газ етказиб беришни тўхтатганимиз йўқ. Ўтган йили қишда ҳаммасини тўхтатганмиз, чегаралаганмиз. Ҳам аномал совуқ, ҳам истеъмол ошган. Ҳозирги кунда яратиб берилган шароит туфайли барқарор энергия тизимини ушлаб туришга мувофиқ бўляпмиз”, — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Аввалроқ Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистоннинг Россиядан табиий газ импорт қилиши сиёсат билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаб ўтган эди.
Изоҳ (0)