Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 26 ноябрга ўтар кечаси Москва, Тула, Калуга ва Брянск вилоятларида 20 та дронни уриб туширди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Москва мэри Сергей Собяниннинг айтишича, дронларнинг “оммавий ҳужуми” пайтида Наро-Фоминск ва Подолск, шунингдек, Одинцово ва Раменский шаҳар округларида бир нечта дронлар уриб туширилган.
“Дастлабки маълумотларга кўра, талафотлар ва жиддий вайроналар йўқ”, — деб ёзади мэр.
Ҳужум сабабли Москванинг Внуково ва Домодедово аэропортлари самолётларни қабул қилиш ва жўнатишни тўхтатган. Аэропортларда 13 та рейс кечиктирилган, яна учтаси бекор қилинган.
Тула вилояти губернатори Алексей Дюминнинг сўзларига кўра, ҳудудда иккита дрон уриб туширилган.
“Улардан бири бошқарувни йўқотиб, Тула шаҳридаги турар жой биносига бориб урилган. Жиддий зарар йўқ, бироқ учта хонадоннинг ойналари шикастланган. Уйда яшовчилардан бири енгил кесилган жароҳат олган. Унга тиббий ёрдам кўрсатилди”, — деди Дюмин.
Шу билан бирга, Брянск вилояти губернатори Александр Богомаз ҳудудда бешта дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берди. Ҳужум оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Калуга вилояти раҳбари Владислав Шапша вилоятнинг Дзержинский ва Жуковский туманларида уриб туширилган дронлар ҳақида маълум қилган, уларнинг сони аниқ эмас.
“Воқеа жойида ишлаётган тезкор гуруҳларнинг дастлабки маълумотларига кўра, қурбонлар йўқ, инфратузилма вайрон бўлмаган”, — деб ёзади губернатор.
Изоҳ (0)