“Ибрат олинглар, мен шундай одамманки, эрталаб ошхонамда тўрт юз туя сўйилган эди, кечқурун эса битта ит овқатимни кўтариб қочяпти. Эрталаб амир эдим-у кечқурун асир бўлдим”.
Низом ул-Мулкнинг “Сиёсатнома” асаридан парча
Инсоннинг ҳаёти бир сонияда мутлақо ўзгариб кетиши мумкин. Мисол учун, 18 йил Кремлнинг қизил тахтиравонига эгалик қилган Леонид Брежневнинг тантиқ қизи, том маънода Совет Иттифоқининг биринчи рақамли “маликаси” ҳисобланган Галина Брежневанинг ҳаёти ҳам биргина воқеа ортидан ағдар-тўнтар бўлиб кетди.
Кун келиб кимсан Брежневнинг қизи бор-будидан маҳрум этилиб, мол-мулки тортиб олиниб, ҳеч нарсасиз қариялар уйида вафот этиши ўша вақтда ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган эди! Хўш, Галина Брежнева нега бундай хорликда вафот этди? Қуйида шу ҳақида ҳикоя қиламиз.
Биринчи муҳаббат ва илк хато
Галина Леонидовна Брежнева 1929 йил 18 апрель куни Россиянинг Свердловск шаҳрида дунё келган. Ўша кезларда унинг отаси – Леонид Брежнев туман ижроий қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида фаолият юритар эди. Унинг онаси – Виктория эса туғуруқхонада акушер бўлиб ишлаган. Орадан 4 йил ўтгач, Брежневлар оиласида ўғил фарзанд – Юрий туғилди. Галина Брежнева онасидан мулойимлик ва самимийликни, отасидан эса қатъийликни ўрганди.
Ёш Галина мактабни битиргач, отасига келажакда актриса бўлмоқчи эканлигини айтди. Бироқ Брежнев бунга қарши чиқди. Аста-секин мансаб поғонасидан юқорилаётган Брежнев қизини актриса эмас, балки педагог бўлишини истарди. Актрисалик орзусидан воз кечишга мажбур бўлган Галина ўзи истамасдан Орехово-Зуевский педагогика институтининг адабиёт факультетига ўқишга кирди. Ёш Галинада адабиёт ва китобга заррача ҳам қизиқиши йўқ бўлиб, у кўпроқ вақтини чоғ ўтказишни истарди.
1950 йилда Леонид Брежнев Кремль томонидан Молдова Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби этиб тайинланди. Оила Молдовага кўчиб келгач, Галина Брежнева ўқишини Кишинёв давлат университетига кўчирди. Кунларнинг бирида шаҳарга цирк келганини эшитган Галина дугоналари билан спектакл томоша қилиш учун циркка борди. Каштанранг сочли, оҳу кўзли, қадди-қомати келишган бўлажак “малика” ўша ерда томоша кўрсатаётган Евгений Милаевни севиб қолди. Энг қизиқ томони, Галина севиб қолган цирк актёри ундан 20 ёш катта бўлиб, аёли туғуруқ вақтида оламдан ўтганди. Шунингдек, Евгений Милаевни эгизак ўғил фарзандлари ҳам бор эди. “Севгининг кўзи кўр бўлади”, деганлари шу бўлса керак.
Ленид Брежнев ўзининг арзанда қизини жуда яхши кўрарди. Шу сабабдан ҳам уларнинг турмуш қуришига рухсат берди. Ҳатто кўп ўтмай Брежнев куёвини ёқтириб ҳам қолди. 1951 йилда Галина Брежнева Эвгений Милаевга турмушга чиқди ва шоҳона ҳаётини тарк этиб, СССР циркида костюмер вазифасида дунё кезишни бошлади.
Бироқ Галина танлаган йўл тўғри бўлиб чиқмади. Давомий тортишувлар натижасида Галина циркни тарк этди ва эрига аччиқ қилиб ўзидан 18 ёш кичик Игор Кор билан никоҳдан ўтди. Тантиқ қизнинг қилган иши Москвадаги Брежневни ғазаблантирди. У шу заҳоти қизининг Игор Кор билан никоҳини бекор қилиш тўғрисида буйруқ берди ва Галинани уйга қайтариб олиб келди.
Учинчи турмуш ва пинҳона бриллиант савдоси
1964 йилда Совет Иттифоқининг жилови Хрушчёвдан Леонид Брежневга ўтгач, Галина Брежнева иккинчи турмуш ўртоғи билан ҳам ажрашди. Шундан сўнг бош котибнинг арзанда қизи ҳар куни тунда уюштириладиган зиёфатларни қолдирмайдиган бўлди. Галина Брежнева шундай зиёфатларнинг бирида подполковник Юрий Чурбанов билан танишди. Чурбанов ўша вақтда ички ишлар қўшинларида хизмат қилар ва қамоқхоналар назорати билан шуғулланар эди.
Оила қуриш таклифи Совет Иттифоқининг биринчи рақамли “маликаси” Галина Брежневадан чиқди. Леонид Брежнев ўзининг шаддод қизини масъулиятли офицер қўлига топширишга рози бўлди. Икки ёшнинг мўжазгина тўйи бош котибнинг ёзги дачасида бўлиб ўтди. Тўй вақтида Брежнев эркатой қизига қараб “циркчидан сўнг энди туремшикка тегасанми”, деб ҳазиллашади.
Тўйдан кўп ўтмай Юрий Чурбановнинг мартабаси кўтарилди. Ҳатто уни айримлар бўлажак СССР ички ишлар вазири сифатида кўра бошлади. Галина Брежнева ва Юрий Чурбанов биргаликда 10 йилга яқин шоҳона ҳаёт кечиришди. Бош котиб Леонид Брежнев қизининг ҳаёти ўз изига тушиб кетгач, уни Совет Иттифоқи ташқи ишлар вазирлигидаги бир лавозимга тайинлади.
80 йиллар бошида Галина Брежнева бутун иттифоқдаги бриллиант савдосини қўлга олди. Erkatoy “малика”га ҳеч ким лом-лим дея олмади. Бироқ Леонид Брежневнинг бир оёғи гўрда эканлигини, Бережнев вафотидан кейин Москва тахтига ўтиришини аниқ билган КГБ (Давлат хавфсизлик қўмитаси) бошлиғи Юрий Андропов, тантиқ “малика”нинг яширин бизнесига кўз юмиб, қулай пайт пойлаётган эди.
Ичкилик ва ўлим
1982 йил 10 ноябрь куни Совет Иттифоқининг бош котиби Леонид Брежневнинг жони узилди. Бу воқеа нафақат Галина Брежнева ва Чурбановнинг, балки бутун иттифоқ ҳаётини мутлақо ўзгартириб юборди. Брежневнинг мурдаси совиб улгурмасдан КГБ Галинага тегишли барча уйларда тинтув ўтказди. Топилган қимматбаҳо тақинчоқ буюмлар мусодара этилди. Чурбанов эса мамлакатда бошланиб кетган “пахта иши” ортидан қамоққа ташланди.
КГБ Бережневанинг уйидан топилган қимматбаҳо тақинчоқлар қандай қилиб, хориждан келиб қолганини аниқлади. Маълум бўлишича, тақинчоқлар йўлбарс, айиқ, қоплон ва бўри каби ваҳший ҳайвонлар сақланадиган симтўр уйларнинг тирқишларига тиқиб олиб келинган экан.
Леонид Брежневнинг вафоти этиши Галина Брежневадаги шуҳрат, бойлик ва эътиборни ўзи билан олиб кетди. Олмос ва ўйин кулгини жуда яхши кўрган Брежнева ҳаётининг сўнгги йилларини ёлғизликда ўтказди. Ёлғиз қолган собиқ “малика” ичкиликка ружу қўйди. У 1996 йилда BBCга берган интервьюсида “шампансиз тура олмайман. Менинг энг севимли ичимлигим – шампан” деб айтган эди.
Бир вақтлар СССР Маданият вазирлигида ишлаган ўзбекистонлик ёзувчи Нурали Қобул ўзининг “Сукут суиқасди ёхуд Сталиндан Саддамгача” китобида Юрий Чурбанов унинг дўсти бўлганини ва у билан боғлиқ бир қанча воқеаларни ёзган:
“Леонид Илич вафот этди. Қораланди. Генерал Юлий Чурбанов қамоққа ҳукм этилди. Озодликка чиққач, москвалик дўстлар билан зўрға топдик. Уй-жойсиз қолиб, эски бир севгилисининг квартирасида яшар экан. Бизни кўриб, ҳўнграб йиғлаб юборди. У “эгнимда бошқа кийимим йўқ. Генераллик шлемимни Галина минг долларга сотиб, ичиб юборди” – деди кўзи ёшланиб”.
1996 йилда Галина Брежневадан интервью олган инглиз журналисти уни тасвирлар экан, Брежнева 58 ёшда бўлишига қарамай унинг ташқи кўринишидан 70 ёшдаги аёлга ўхшашини ёзган. 90 йиллар бошида собиқ “малика” алкоголизмдан қутулиш учун бир неча маротаба касалхонага ётди. Бироқ унинг хотирасида қолган чуқур руҳий яралар унга тинчлик бермади. Галина Брежнева ҳар сафар ўтмишни ёдга олар экан кўзи намланиб, аччиқ хотираларни унутиш учун аламини шампандан оларди.
Леонид Брежнев ёзги дачасининг ён-атрофида яшайдиган кишилар бор-будидан айрилган “Кремль маликаси” тунда ўзи яширган заргарлик буюмлари ҳали ҳам бор ёки йўқлигини текшириш учун белкурак билан боғни кезиб юрганига гувоҳ бўлишган.
Бир вақтлар Кремлнинг биринчи рақамли “маликаси” – Галина Брежнева 1998 йил 30 июль куни Москва яқинидаги қариялар уйида хор-у зор бўлиб ҳаётдан кўз юмди. Маълумотларга кўра, жон таслим қилиш арафасида Брежневага фақатгина Кремлда ўтказган хотиралари ҳамроҳлик қилган холос. Оиласи ва яқинлари томонидан унутилган Галина Брежнева эгасизлар ва ғариблар қабристонига дафн этилди.
Сардор Али
Изоҳ (0)