Ўзбекчага араб тилидан кирган сўзлар талайгина. Кундалик турмушда ишлатадиган сўзларимизнинг кўпи аслан арабча эканини сезмаймиз ҳам. Ҳа, улар тилимизга сингиб кетган. Тил сандиғимиздан Европа тиллари орқали келган, қиёфаси оврўпалашган баъзи араб сўзлари ҳам жой олган. Уларни ташқи кўринишига қараб роман-герман ёки славян тилларига оид деб ўйлаймиз. Маълумотларга кўра, Европа тилларига сўз бериш бўйича араб тили етакчилардан. Айниқса, испан тилида арабча илдизли сўзлар жуда кўп. “Дарё” колумнисти Ориф Толиб бугун ана шундай сўзлар ҳақида ҳикоя қилади.
Юбка, шуба ва жемпер
Учала сўз ҳам битта ўзакка – арабча жуббага бориб тақалади десам, ишонасизми? Жемпернинг шакли жуда ўзгариб кетган-а? Бунга ҳайрон қолмаслик керак. Чунки кучли тиллар четдан сўз олганда уни ўзига мослайди, кулол лойни пишитгандек пишитиб, ўзига ёққан кўринишда сўз ясаб олади.
Ип газламадан қилинган кенг енгли кийимни англатган жубба эски француз тилига, ундан шотланд, ундан эса инглиз тилига ўтган. Шотланд тилида jupe кенг пиджакни, инглизча jump калта палтони билдирган. ХIX аср ўрталаридан jumper енгли кенг курткани ифодалай бошлаган. Изоҳли луғатга кўра, жемпер ўзбекчада тугмасиз ва ёқасиз кофтани англатади. Лекин савдода тугмали ва ёқали жемперлар ҳам учрайди.
Юбка сўзи бизга русчадан кирган. Русчага эса поляк тилидан ўзлашган. Полякча жупка немисча juppе – куртка сўзининг ўзгарган шакли. Олмонлар француз ва италян тиллари орқали келган жубба сўзини ўз тилига шундай мослаганлар.
Ўзбек тилига русчадан кирган шуба сўзи қадимги немис ва италян тиллари оралаб ўтган. Ўта иссиқ мамлакатлар тилидаги жубба совуқ ўлкаларга боргач, қалин қишки кийимни ифодалай бошлаган. Шуба ўзбекчада авраси мўйнали усткийимни англатади.
Ҳар учала сўзга хамиртуруш бўлган жубба сўзининг ўзи ҳам ўзбекчада бор. Жонли тилда фақат шеваларда қўлланади, адабий асарларда ҳам учраб туради. У кўйлак бичимида тикилган пахтали иссиқ кийимни билдиради:
Кишилар қишнинг оғир юклари: пўстин, пахталик, чопон, жуббаларни ташлаб, ўзларини эркин ҳис эта бошладилар. (Ж. Шарипов, “Хоразм”.)
Сироп, шароб ва шарбат
Сироп мева шарбатини ва шакарни қайнатиб тайёрланган қиёмни англатади. Дорихоналарда сотиладиган ширин суюқ дорилар ҳам одатда сироп аталади. Бу бежиз эмас. Манбаларда ёзилишича, сироп дастлаб фақат ёз ва баҳор ойларида тайёрланган. Гуллардан олинган шарбатлар кўпроқ машҳур бўлган. Улар асосан озиқ-овқат ва дори тайёрлаш учун ишлатилган.
Арабча шароб италянчага siroppо, ундан французчага sirop шаклида ўтган. Шундай қилиб, сироп французчадан русчага, ундан ўзбекчага қадам ранжида қилган.
Шароб сўзи аслиятда ичимлик; шарбат; май каби маъноларга эга. Уни ўзбекчада ҳам ишлатамиз. Лекин тилимизга фақат учинчи маъноси билан ўзлашган. Шароб билан ўзакдош шарбат эса ўзбекчада мевалардан тайёрланган ширин ичимлик маъносини англатади.
Авария – шикаст дегани
Кимдир “Авария ҳам асли арабча”, деса, томдан тараша тушгандек бўлса керак-а? Лекин шундай. Тадқиқотчилар фикрича, француз, италян, испан, немис, поляк, украин, белорус, чех, рус каби тилларда баъзи товуш ўзгаришлари билан ишлатилувчи бу сўз арабча авор – шикаст, зиён сўзидан ҳосил бўлган.
Авария рус тилига XVIII аср бошларида италянчадан ўзлашган. Дастлаб у аслиятдаги каби шикастланиш, зарар кўриш маъносини билдирган. Ҳаммамизга маълум ҳалокат маъносини ўтган асрда касб этган.
Бу сўз ўзбекчада транспортлар ва техник воситаларнинг бузилиши, ишдан чиқишини ёки бахтсиз ҳодиса, фалокат маъносини англатади.
Магазин хазиналар маконими?
Магазин Европа тилларини кезиб, охири немис ёки француз тилидан рус тилига ўтган, русчадан эса ўзбекчага. У арабча махзан сўзининг кўплик шакли махозиндан, аслиятда хазина, қимматли моллар сақланадиган омбор, катта савдо жойи маъноларини англатади.
Махзан сўзи тилимизга олдинроқ кириб келган. Жумладан, Навоий асарларида бу сўз хазина маъносида қўлланади. Хазина ва махзан сўзларининг ўзаги бир.
Инглизчада журналлар magazine деб ҳам аталади. Бу сўз ҳам арабча махозинга бориб тақалади. Дастлаб ҳарбий мулкларнинг босма рўйхати шу сўз билан ифодалангани ёки босма нашр кўчма маънода “ахборотлар омбори” бўлгани учун журнал магазин деб атала бошлаган.
Магазин сўзи ўзбекчада қурол, аппарат ва асбобларнинг бирор нарса жойлаштириб қўйиладиган қисми маъносида ҳам ишлатилади.
Арсенал ва адмирал
Ҳар икки сўз ҳам ҳарбий соҳага оид. Арсенал ўзбекчада қурол-аслаҳа ясайдиган, тузатадиган, сақлайдиган жойни, қурол-яроғ омборини ёки кўп сонли бирон нарса, катта захирани англатади. Бизга рус тилидан ўтган, рус тилига эса француз тилидан ўзлашган. Французча аrsenalнинг манбаси италянча аrsenalе бўлган. У арабча дорус синое – саноат уйи, устахона сўзига бориб тақалади.
Арсенал жуда кўп Европа тилларига кириб борган. Инглизларнинг машҳур “Арсенал” клубини билсангиз керак. Лондон футбол жамоасига бежиз бундай ном берилмаган – унга 1886 йили “Royal Аrsenal” артиллерия заводи ишчилари асос солган. Демак, жамоа тарихи қурол-яроғ заводига боғланади.
Адмирал ҳарбий-денгиз флотидаги юксак ҳарбий унвонни ва шу унвонга эга бўлган шахсни билдиради. Бу сўзнинг илдизи арабча амирул баҳр – денгиз амири, денгиз ҳокими иборасидир. Адмирал атамаси деярли барча Европа тилларига кириб борган. Ўзбек тилига рус тилидан, русчага эса ҳолланд тилидан ўтган.
Бу сўз дастлаб араблар бошқарувидаги Сицилияда ишлатилган. Кейинчалик бу ҳудудни норманлар босиб олгач, атама ўрта аср француз тили ва генуя тилларига кўчиб ўтган.
Маска, маскарад ва масхара
Учала сўз ҳам ўзбек тилида ишлатилади. Аслида учаласининг илдизи бир.
Маска французчада masque, италянчада mascherа, испанчада эса máscarа шаклига эга. Бу сўз арабча масхарат(ун) – устидан кулиш, эрмаклаш; ниқоб сўзига бориб тақалади. У Европа тилларига кўчгач, театр актёрлари ва комиклар киядиган ниқобни англатган.
Маскарад маска, ниқоб ва махсус кийимлар кийиб ўтказиладиган сайилни англатади. Талаффузи арабча масхаратга жуда яқинлигини сезган бўлсангиз керак. Маскарад ўзбекчага италян, француз, рус тилларини кезиб етиб келган.
Масхара ўзбекчага бевосита араб тилидан ўтган. Ўзлаштириш жараёнида масхарат сўзи охиридаги т товушидан воз кечилган.
Тариф ва таъриф қариндошми?
Таъриф сўзини тариф шаклида хато ёзиш кўп учрайди. Аммо алоҳида ҳолатда тариф ҳам хато эмас. Чунки ўзбекчада тариф деган сўз ҳам бор. Биринчи сўз арабчадан ўтган бўлса, иккинчиси русчадан кирган. Тарихан иккисининг илдизи бир. Аслиятда таъриф(ун) сўзи аниқлаш, изоҳлаш, таништириш каби маъноларни англатади. У бож тўловлари ҳақидаги эълон, тўловлар ҳақида эслатма маъносига ҳам эга.
Таъриф сўзи ўзбекчада аслиятга мос маънони, тариф эса тўлов ставкаси маъносини билдиради. Масалан, уяли алоқа компаниялари турли нарх-наво ва шартларга эга тарифларни таклиф этади.
Таъриф ва тариф ўзбек тилидаги арафа, урф, маърифат каби сўзлар билан ўзакдош.
Халат подшоҳлар кийимими?
Халат нималигини жуда яхши биласиз: ўзи ҳам, енги ҳам узун усткийим. У арабча хилъат сўзидан. Хилъат аслиятда туҳфа қилинган либосни англатади. Бу сўз худди шу шаклда тилимизда мавжуд. У туҳфа қилинган тўн, тоза кийим маъноларини англатади. Бироқ ҳозир хилъат сўзи эскириб улгурган, уни жонли тилда ишлатмай қўйганмиз.
Халат сўзи бизга русчадан кирган. Русчага эса турк тилидан ўзлашган. Туркчада ҳилат подшоҳлар инъом қиладиган тўнни ифодалаган. Бизнинг хонликлар каби Усмонли султонлигида ҳам тўн кийдириш анъанаси бўлган. Одатда қорадан бошқа рангдаги чопонлар тақдирлаш учун берилган. Уни олганлар тез орада мансаб пиллапояларидан ҳам юқорилаган.
Биласиз, тўн кийдириш анъанаси юртимизда бугунга қадар сақланган. У энди подшоҳларнинг эмас, оддий одамларнинг амалига айланган. Эъзоз ва ҳурмат изҳори сифатида кишининг елкасига чопон ташланади.
Халат рус тилида XVII асрда кенг истеъмолга кирган. Ўзбекчада бу сўз ХХ асрдан ишлатила бошлаган.
Изоҳ (0)