Хитойда болалар ўртасида пневмония билан касалланиш ҳолатлари тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти “ташхис қўйилмаган” респиратор касалликларнинг кўпайиши бўйича Пекиндан батафсил маълумот сўради. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
13 ноябрь куни Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси вакиллари мамлакатда респиратор касалликлар кўпайганини маълум қилди. Хитой расмийлари дастлаб касаллик ҳолатларнинг кўпайишини COVID-19 чекловларининг бекор қилиниши, грипп ва бактериал инфекцияларнинг тарқалиши билан боғлади.
Аммо ҳозир вазият ёмонлашаётганга ўхшайди. Глобал эпидемияни кузатувчи Промед тизими болаларда “ташхис қўйилмаган пневмония” эпидемияси ҳақида огоҳлантирмоқда.
“Ушбу ҳисобот аниқланмаган пневмониянинг кенг тарқалган эпидемиясидан далолат беради. Бу қачондан бошлангани мутлақо номаълум”, дейилади ташкилот ҳисоботида.
Пекин ва Ляонинг шимоли-шарқида, шунингдек, қирғоқ бўйидаги Сямен шаҳрида касалхоналар тўлиб кетган. Кўпгина мактабларда дарслар бекор қилинди, чунки нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар ҳам пневмония билан касалланган.
Ҳукумат соғлиқни сақлаш муассасалари ва жамоат жойларида касалликлар назоратини, беморларни даволаш имкониятларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Изоҳ (0)