Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш юзасидан фикр билдирилди.
Айтилишича, мазкур қонуннинг 12 та моддасида ҳаволаки нормалар мавжудлиги аниқланган.
“Ушбу моддаларда белгиланган нормалар амалда тасдиқланган норма ижодкорлиги фаолияти талабга жавоб бермайди.
Қонунда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўйича белгиланган чора-тадбирлар соҳани самарали тартибга солиш имконини бермаяпти.
Ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиққан ҳолда асосий тушунчалар етарли даражада ёритилмаган”, — дейилади Сенат ахборотида.
Алоҳида таъкидланишича, ўзига нисбатан якка тартибдаги профилактика иши олиб бориладиган шахсларнинг тоифалари қаторини кенгайтириш ва ҳуқуқбузарликларга олиб келаётган янги ҳолатларни акс эттириш керак.
“Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар масъулиятини аниқ белгилаш зарурати мавжуд”, дея сенаторлар қонунни такомиллаштиришга эҳтиёж борлигини билдирган.
Аввалроқ Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинганди. Мазкур қонун билан 18 ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда.
Изоҳ (0)