Ўзбекистонда 2023 йилнинг саккиз ойида 2121 нафар вояга етмаганлар томонидан 2024 та жиноят содир этилган. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментига таяниб, ЎзА хабар берди.
Маълумотларга кўра, жиноятларда 1424 нафар мактаб, 291 нафар академик лицей ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари, 142 нафар ишламасдан юрганлар (мактабни тамомлаган) ҳамда 264 нафар ишлайдиган вояга етмаганлар иштирок этган.
Статистик маълумотларга кўра, 2021 йилда 1472 нафар вояга етмаган шахс судланган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 2116 нафарга етган. Ўтган 2022 йилда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар 389 та, унча оғир бўлмаган жиноятлар сони эса 510 тани ташкил қилган.
Аввалроқ Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинганди. Мазкур қонун билан 18 ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда.
Изоҳ (0)